Маърузалар

.

Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Х.Бектемировнинг маърузаси

     Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев “Мактабнинг янги қиёфасини яратмасак, мактаб ўзгармайди”, деб таъкидлаган эдилар.
Педагог ходимларимиз сифатли таълим-тарбия беришлари, ўқувчи- ёшларимиз эса  муносиб шароитларда таълим олишлари учун, аввало,  зарур шарт-шароитларни яратишимиз лозим.
Бу борада сўнгги йилларда Хоразм вилоятида   салмоқли ишлар амалга оширилди.
     Ҳар йили инвестиция дастурлари асосида янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган умумтаълим мактабларининг муддатидан олдин фойдаланишга топширилаётгани натижасида вилоятда  ўқувчиларни бошқа жойларга кўчириб ўқитиш, таълим жараёнини олиб бориш учун жой ажратиш каби муаммоларга дуч келинмаяпти.
    Бундан ташқари таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тоза ичимлик суви билан таъминланмаган мактабларга сувни тозалаб берувчи қурилмаларни ўрнатиш, атрофи ўралмаган мактаблар атрофини ўраш ҳамда илғор педагог ва ўқувчиларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида вилоят ҳокими ташабббуси билан салмоқли ишлар амалга оширилган.
   Бугунги кунда  нафақат таълим муассасаларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, балки вилоятда таълим сифати ва  самарадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар йўлга қўйилган..
   Натижада бугунги кунда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича Хоразм вилояти Республикада энг яхши натижаларни қайд қилиб келмоқда. Ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар улуши ҳам сўнгги беш йилда қарийб 6 баробарга қисқариб, 2 фоизга тушган
   Мактабгача таълимни янада ривожлантириш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг Чжесзян провинсияси  билан “Анжи Плай” дастурини Янгибозор туманидаги 13-сон, Хива шаҳридаги 16-сон давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда Ренессанс  ДХШ асосидаги мактабгача таълим ташкилотларида тажриба-синов тариқасида, келгусида  4 та туманда жорий этиш  юзасидан меморандум имзоланиб, бугунги кунда амалий ишлар олиб борилмоқда .
   Вилоятда  2025 йилда  вилоят ҳокими ташаббуси билан 105  нафар мактаб ўқитувчиси Франсия, Туркия, Корея, Озарбайжон давлатларига, 16 нафар мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари Хитой давлатида   малакаларини оширган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даврида 65 нафар педагог ходим ва тарбиячилар Туркия, Озарбайжон ва Франсия  давлатларида  малакасини оширган.
    Вилоят ҳокимлиги томонидан нафақат педагоглар, балки ўқувчиларнинг билимга бўлган қизиқишини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Вилоятдаги мактаб ўқувчилари ўртасида “Ҳоким олимпиадаси”ни ўтказиш анъанага айланган. Бундан ташқари  ҳоким стипендияси ҳам жорий қилинган бўлиб, бундай эътибор натижасида иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва республика ҳамда халқаро олимпиадаларга тайёрлашнинг янги тизими шаклланди.
 Ушбу самарали ишлар натижасида кейинги йилларда вилоят ўқувчилари халқаро ва минтақавий  олимпиадаларда совринли ўринларга эга бўлмоқдалар.
2025 йилда аниқ ва табиий фанлар халқаро олимпиадаларида 4 та кумуш, 7 та бронза медалига сазовор бўлган бўлсалар, 2026 йилнинг ўтган 4 ойи  мобайнида 4 та кумуш ва 6 та бронза медали соҳиби бўлганлар.
    Битирувчиларнинг  олий таълим муассасаларига кириш натижалари 2023 йилда ўртача 72 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 81 баллни ташкил этди.
Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июндаги 365-сонли қарори асосида Айрим тоифадаги оила фарзандларини (кейинги ўринларда камбағал оила фарзандлари деб юритилади) қўшимча таълим(тўгараклар)га жалб қилиш борасида бугунги кунга келиб
26 861 нафар фарзанд kelajak.uzedu.uz платформаси орқали қамраб олинган.
   Вилоят миқёсида жами 706 та ташкилот (559 та мактаб, 147 та ўқув марказ)лар томонидан жами 478 та тўгарак ташкил этилган.
[14.10.2026 16:19] Bexato: Мазкур 478 та тўгаракдан 23 таси ИТ, 6 таси касб-ҳунар, 6 таси кун узайтирилган гуруҳлар, 334 таси умумтаълим фанлари ва 109 таси хорижий тиллар йўналишида ташкил этилган.
     Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Республика миқёсида ажратилган 121 млрд сўмдан ўзлаштирилган маблағнинг 48 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.
   Хоразм тажрибаси асосида давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим мактабларининг бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш, қамров даражасини ошириш ҳамда мактабларга тушаётган юкламани камайтириш мақсадида ДХШ асосида мактабгача таълим ташкилотлари, нодавлат мактаблар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини ташкил этиш йўлга қўйилди.  Бугунги кунда Хоразм вилоятида  таълим ташкилотларининг бўш ер майдонларида 35 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан  6 та лойиҳа ишга туширилди.
Муҳтарам Президентимиз Хоразмга ташрифлари чоғида “Биз Хоразмда ўғил-қизларимизни иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича алоҳида тизим яратамиз. Хоразмнинг бу борада ташриф қоғози ИТ бўлади” деб  ишонч билдирган эдилар 
    Ушбу ташаббусни Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси чуқур англаган ҳолда педагог ходимлар, ўқувчи ёшлар учун қулайликлар яратиш,  ўқувчи ва педагогларни  чет тилларини чуқур ўрганишлари, педагог аттестацияларига тайёргарлик кўриш, битирувчиларни олий таълимга тайёрлаш,  бир сўз билан айтганда ўқувчи ва ўқитувчиларни билимини  мунтазам ошириб  бориш   мақсадида АПРО (Ассесмент програм) платформаси яратилган.
   Ушбу платформа ўқувчиларни баҳолашда ўқувчилар билимига аниқ ташхис қўйиши механизми  мукаммал яратилганлиги сабабли Республикамиздаги 102 та туманнинг агентлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган 116 та мактабларининг 39 минг 640  нафар  ўқувчиларидан  ҳар чорак якунидаги чораклик сумматив баҳолаш ўтказилиб, шаффофлиги таъминланиб келинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ҳаётга татбиқ этилган «Бир миллион дастурчи» ва унинг давоми бўлган  «Беш миллион дастурчи» лойиҳаси асосида Респубикада энг яхши натижани хоразмлик ёшлар қўлга киритиб келмоқда.
    Лойиҳа доирасида 2025 йилда Хоразм вилояти умумтаълим мактабларининг 150 минг 741 нафар ўқувчилари сунъий интеллект бўйича курсларни муваффақиятли якунлаб, сертификатларга эга бўлишиб, Республикада энг юқори натижани қайд қилишди.
    “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида йўлга қўйилган “Миллий” таловида  705 та  совринли ўриндан 403 тасини хоразмлик  ўқувчи ёшлар қўлга киритган.
Шунингдек, “Энг фаол мактаб” номинациясида ғолибликни қўлга киритган Боғот тумани ихтисослаштирилган мактаби Президент совғаси — БЙД электромобили билан тақдирланди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бугунги кунда вилоятда ИТ соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, рақамли технологияларни таълим тизими бошқарувига жорий этиш борасида ҳам Хоразм вилоятида қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, мактабгача таълимни бошқариш жараёнларини рақамлаштириш бўйича тажриба-синов ишлари Хоразм вилоятидан бошланди.
    Бугун Хоразм вилоятида ўтказилаётган семинаримизнинг асосий мақсадларидан бири  бу мактабгача таълимни бошқарув жараёнларини рақамлаштириш бўйича тажриба-синов ишлари билан танишиш бўлса, бундан ташқари  янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ўқув дастурлари, дарсликлардаги ўзгаришларни, янги ўқув йилида тизим олдида турган устувор вазифаларни тизим ходимларига етказишдир.
     Таълимдаги ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришларни, таълимга кириб келган замонавий инновацияларни туман, шаҳар форумларида кенг қамровли тарзда ҳудудлардаги устозларга етказиш, улар эса ўз навбатида янги ўқув йили бошланишидан олдин  барча таълим муассасаларида фаолият юритиб турган  таълим соҳаси ходимларига етказишлари лозим бўлади.

xorazm-vxtb@exat.uz
@xorazmvmmtb
@Xorazm_MMTB
/xorazm_vmmtb