Янгиликлар
Педагогларнинг касбий барқарорлиги ва руҳий фаровонлигига эътибор қаратилмоқда
15 сентябрь 2026 йил
Урганч давлат педагогика институтида Хоразм вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ҳамда педагог-психологлари учун “Мувозанат” лойиҳаси доирасида уч кунлик психологик тренинг бошланди.
“Педагогнинг касбий барқарорлиги, мотивацияси ва ўзини ўзи бошқариши” мавзусидаги тренинг педагогларнинг касбий фаолиятида муҳим бўлган психологик барқарорлик, стрессни бошқариш, мотивацияни сақлаш ҳамда ўзини ўзи бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Тадбирда Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Хамро Бектемиров, Урганч давлат педагогика институти ўқув ишлари бўйича проректори в.в.б. Сарвар Мусурмонов, “Life in Progress” амалий психология маркази ва “Мувозанат” лойиҳаси раҳбари Азизбек Ахроров иштирок этди.
Учрашув давомида тренингнинг мазмун-моҳияти, педагогларнинг касбий фаолиятида психологик барқарорликни таъминлаш ва руҳий фаровонликни қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Тренинг машғулотлари илмий-психологик ёндашувлар ва замонавий амалий методлар асосида ташкил этилиб, иштирокчилар касбий вазиятларга оид амалий машқлар, психологик техникалар ҳамда рефлексив топшириқлар орқали ўз устида ишламоқда.
Мазкур лойиҳа педагогларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ўзини англаш ва бошқариш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда таълим жараёнида соғлом психологик муҳитни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.