Янгиликлар
Ёшларда солиқ саводхонлигини оширишга қаратилган маърифий мулоқот ташкил этилди
11 сентябрь 2026 йил
2026 йил 10 сентябрь куни мазкур мактаб ўқувчилари иштирокида уларнинг солиқ соҳасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган маърифий мулоқот ташкил этилди.
Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш доирасида Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги Урганч шаҳридаги 26-сон умумий ўрта таълим мактаби солиқ соҳасида кенгайтирилган таълим бериладиган таълим муассасаси сифатида белгиланган.
2026 йил 10 сентябрь куни мазкур мактаб ўқувчилари иштирокида уларнинг солиқ соҳасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган маърифий мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот давомида ўқувчиларга солиқларнинг давлат бюджети даромадларини шакллантиришдаги ўрни, улар ҳисобидан таълим, тиббиёт, ободонлаштириш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа муҳим йўналишлар молиялаштирилиши ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, солиқ, солиқ тўловчи, солиқ турлари, солиқ мажбурияти, давлат бюджети каби муҳим тушунчаларнинг мазмун-моҳияти содда ва тушунарли тарзда тушунтирилди.
Тадбир давомида солиқларни ўз вақтида ва қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаш ҳар бир фуқаронинг муҳим мажбуриятларидан бири экани, бу орқали мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш мумкинлиги таъкидланди.
Мулоқот якунида ёшларнинг солиқ саводхонлигини ошириш, уларда иқтисодий билим ва масъулиятли фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган маърифий тадбирларни мунтазам давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.