Янгиликлар
Мезонларга асосланган баҳолаш тизими бўйича семинар-тренинглар бошланди
14 август 2026 йил
Жорий йилнинг 14–15 август кунлари Хоразм вилоятида умумий ўрта таълим мактабларининг раҳбар ва педагог ходимлари учун мезонларга асосланган баҳолаш тизими бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Семинар-тренингларнинг очилиш маросими Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Урганч филиалида бўлиб ўтди.
Унда Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Х. Бектемиров, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш, апостиль хизматини кўрсатиш” бошқармаси бошлиғи У. Нуриева, вазирлик ва бошқарма ходимлари ҳамда семинар-тренинг иштирокчилари қатнашди.
Тадбир давомида мезонларга асосланган баҳолаш тизимининг мазмун-моҳияти, уни таълим жараёнига самарали татбиқ этиш, баҳолаш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда педагогларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб, белгиланган хоналарда амалий машғулотларни давом эттирдилар.
Мазкур семинар-тренинглар педагогларнинг мезонларга асосланган баҳолаш тизими бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, замонавий баҳолаш ёндашувларини амалиётга самарали жорий этишга хизмат қилади.