Янгиликлар
“Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон келажаги” мавзусида республика ўқув семинари бўлиб ўтди
13 август 2026 йил
Жорий йилнинг 11–13 август кунлари Хоразм вилоятида “Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон келажаги” мавзусида Республика ўқув семинари ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова сўзга чиқиб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришаётган ютуқлар ва истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритдилар.
Семинар доирасида таълим сифатини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида умумтаълим мактабларини таъмирлаш, уларнинг моддий базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини яхшилашга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ масъул раҳбарлар “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Мазкур семинар таълим соҳасида тажриба алмашиш, илғор ёндашувларни ўрганиш ва келгусидаги вазифаларни белгилашда муҳим аҳамият касб этди.