Янгиликлар
Хоразмда “Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқичи давом этмоқда
29 июль 2026 йил
Танлов иштирокчилари жами 100 баллик тизим асосида икки йўналишда баҳоланмоқда
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқичи қизғин давом этмоқда.
Хоразм вилояти Педагогик маҳорат марказида ўтказилаётган мазкур босқичда вилоятимизнинг туман ва шаҳарларидан сараланган 26 нафар педагог ўз билим, маҳорат ва касбий салоҳиятини намоён этмоқда.
Танлов иштирокчилари жами 100 баллик тизим асосида икки йўналишда баҳоланмоқда:
1. Маънавий-маърифий фаолият йўналиши — 20 балл.
Номзодларнинг шахсий ривожланиши, ўз устида ишлаши, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий фаолияти, шунингдек, синфдан ташқари фаолияти ҳамда ташаббуслари тақдимот асосида баҳоланади.
2. Китобхонлик бўйича тест синови — 80 балл.
Иштирокчилар тасдиқланган адабиётлар рўйхати асосида тузилган 40 та тест саволига жавоб берадилар.
Танловнинг навбатдаги кунида ҳам хоразмлик педагоглар ўзларининг билим ва касбий маҳоратларини муносиб намоён этиб, юқори натижалар учун баҳслашмоқда.
Хоразмлик устозларга омад, куч-ғайрат ва муваффақият тилаймиз!