Янгиликлар
ХИВА ТУМАНИДА БОЛАЛАР КАМОЛОТИ ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ — “ИЛК РИВОЖЛАНИШ МАРКАЗИ” ФАОЛИЯТИ БОШЛАНДИ
16 июнь 2026 йил
#Илк_ривожланиш_маркази
Хива туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Тумандаги 3-сон умумтаълим мактабининг бўш турган қисми замонавий талаблар асосида реконструкция қилиниб, “Илк ривожланиш маркази” фойдаланишга топширилди.
Мазкур марказ болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, қобилиятларини ривожлантириши ва жамиятга муваффақиятли интеграциялашувини таъминлашга хизмат қилади. Бир вақтнинг ўзида 90 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга бўлган марказда таълимий машғулотлар, ижодий тўгараклар, ривожлантирувчи ўйинлар ҳамда тарбиявий тадбирлар йўлга қўйилган.
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга индивидуал ёндашув асосида хизмат кўрсатиш, зарур ҳолларда уларнинг хонадонларига бориб таълим бериш тизимининг жорий этилгани марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, бу ерда 3–6 ёшли болалар учун қисқа муддатли ўйин гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг илк ривожланиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги марказнинг ишга туширилиши тумандаги болаларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва инклюзив таълимни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.