Янгиликлар
Ҳурматли ота-оналар, фидойи устозлар ва азиз ўқувчилар!
13 май 2026 йил
Ҳурмат билан,
Хамро Бектемиров
Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи
Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида 25-май — “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари яқинлашмоқда. Бу кун ҳар бир битирувчи ва ўқувчи қалбида унутилмас, қувончли ва самимий лаҳзалар билан муҳрланиб қолиши лозим.
Шу муносабат билан, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини тартибли, хавфсиз, ортиқча дабдаба ва ноқонуний пул йиғимларисиз ташкил этиш зарурлигини эслатиб ўтаман ҳамда қуйидаги ҳолатларга йўл қўймасликни сўрайман:
турли сабаблар билан ота-оналар ва ўқувчилардан пул йиғиш;
ўқувчилар томонидан автомобилларда оммавий сайр ва хавфли юришларга йўл қўймаслик;
ортиқча ҳашамат ва дабдабали тадбирлар ўтказиш;
совға-саломлар учун мажбурий йиғимлар уюштириш;
дастурхон безатиш ёки бошқа ташкилий ишлар учун маблағ талаб қилиш;
ўқитувчи ёки мактаб маъмурияти номидан ноқонуний харажатлар йиғиш;
ҳар қандай мажбурий тўловларга йўл қўйиш.
“Сўнгги қўнғироқ” — бу аввало маънавий қадриятлар, устозларга эҳтиром, миннатдорлик ва эзгулик байрамидир. Уни содда, мазмунли ва тарбиявий руҳда ўтказиш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Ҳурматли ота-оналар!
Фарзандларингизнинг хавфсизлиги, одоб-ахлоқи ва қонуний хатти-ҳаракатлари учун сиз ҳам масъул эканлигингизни унутманг.
Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, амалдаги қонунчилик асосида тегишли чоралар кўрилади.
Агар сиз ноқонуний пул йиғиш ёки бошқа салбий ҳолатларга дуч келсангиз, тегишли ташкилотларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Келинг, “Сўнгги қўнғироқ” байрамини фарзандларимиз хотирасида ёрқин таассурот қолдирадиган хавфсиз муҳитда ўтказайлик!
Ҳурмат билан,
Хамро Бектемиров
Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи