Янгиликлар
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА ЎҚУВЧИЛАР КАСБ-ҲУНАРГА ЙЎНАЛТИРИЛМОҚДА
8 февраль 2023 йилХива шаҳридаги 18-сон умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга иккита хорижий – инглиз ва француз тили ўқитилиши йўлга қўйилди.
Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари томонидан республикамиздаги умумтаълим мактабларини битириб чиқаётган ўқувчилар эндиликда иккита тилда бемалол мулоқот қила олиши ва бирор ҳунар эгаси бўлиб чиқишлари лозимлиги илгари сурилган эди.
Мазкур ташаббус доирасида Хоразм вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари бошлаб юборилди.
Хусусан, Хива шаҳридаги 18-сон умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга иккита хорижий – инглиз ва француз тили ўқитилиши йўлга қўйилди. Шунинг баробарида уларга 17 та йўналиш бўйича, жумладан, қандалотчилик, наққошчилик, палос тўқиш, гиламчилик, аёллар ва эркаклар сартароши, тикувчилик, компьютер дастурлаш, маиший техника тузатиш, фотогроф, тунукачилик, мобил телефон устаси, кулолчилик, каштачилик касб-ҳунарларини ўргатиш бўйича махсус хоналар ташкил қилинди ва жиҳозланди. Тажрибали ва ўз ишининг моҳири бўлган устозлар бириктирилди.
Мактабда бугунги кунда жами 400 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, 7-11-синф ўқувчиларидан 220 нафари тўгаракларга жалб қилинди.
Бугун мазкур мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришга бағишланган вилоят миқёсида семинар ташкил қилинди.
Семинарда вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов, туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят халқ таълими бошқармаси Хамро Бектемиров, туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб директорлари иштирок қилдилар.
Тадбир давомида барча иштирокчилар ўқувчиларни хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишлари учун ташкил қилинган хоналарни ва тўгарак жараёнларини кузатдилар. Уларга бу йўлда амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар хусусида йўналиш берилди. Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.