Янгиликлар
Хоразмда “Жасорат" синфлари ўқувчилари ўртасида диктант танлови ўтказилди
16 октябрь 2025 йил
Ушбу ташаббус ёш авлодни маънавий баркамол, жасоратли ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Хабарингиз бор, жорий ўқув йилида Хоразм вилоятидаги 13 та умумтаълим мактаблари негизида “Жасорат" синфлари ташкил этилган бўлиб, ҳозирда уларда 338 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Бугун, 16-октябр куни “21-октябр — Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан “Жасорат” синфи ўқувчилари ўртасида диктант танловининг туман, шаҳар босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов ўқувчиларда она тилига ҳурмат, ватанпарварлик ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, имло саводхонлигини оширишга қаратилган бўлиб, тадбир давомида ёшлар ўз билим ва тафаккур салоҳиятларини синовдан ўтказишди.
Танлов якунларига кўра, ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Ушбу ташаббус ёш авлодни маънавий баркамол, жасоратли ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.