Янгиликлар
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг ҳудудларда соҳа масъуллари ҳамда педагоглар иштирокида ўтказаётган учрашувлари давом этмоқда
7 апрель 2025 йил
#Xorazm
Мазкур учрашувлар доирасида, вазир Ҳилола Умарова Хоразм вилоятида ҳам бўлди ҳамда ҳудуддаги таълим муассасалари раҳбарлари билан очиқ мулоқот тадбирида қатнашди.
Тадбир аввалида давлатимиз томонидан педагоглар обрўсини янада ошириш ҳамда истеъдодли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича соҳага доир қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.
Танқидий руҳда кечган йиғилишда таълим масканлари раҳбарларининг ушбу ҳужжатларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳамда долзарблигини тўла англаб етиши ҳамда уларни ўз касбий фаолиятида тўла қўллай олиши зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 25-мартдаги тегишли Фармони билан нуфузли халқаро фан олимпиада ғолибларининг пул мукофотлари 5 карра оширилганлиги, олтин медал олган олимпиада ғолибининг мукофот пули қарийб 1 млрд сўмга етказилганлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда педагогларнинг жорий йилги аттестация синовларидаги иштироки ҳамда фан сертификатларини қўлга киритишлари, мактабгача таълим қамровини янада ошириш, таълим сифатини яхшилаш, янги баҳолаш тизимини жорий этишдаги навбатдаги масалалар тилга олиб ўтилди.