Янгиликлар
ХОРАЗМДА «ПРEЗИДEНТ АРЧАСИ» ТАДБИРИ ЮКСАК КЎТАРИНКИЛИК БИЛАН ЎТКАЗИЛДИ
29 декабрь 2022 йил371 нафар ўғил-қизларга «Президент совғаси» топширилди.
Хоразм вилоятида юксак кўтаринкилик ва зўр тайёргарлик билан ташкил этилган «Президент арчаси» байрам тантанаси болажонлар учун унутилмас онларни туҳфа этди.
Вилоят маркази – Урганч шаҳридаги Огаҳий номидаги вилоят мусиқали ва драма театрида барча шаҳар ва туманларидан тантанага таклиф этилган болажонларни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимов Янги йил байрами билан муборакбод этиб, уларга эзгу тилаклар билдирди.
«Президент арчаси» тантаналарига таклиф қилинган маҳаллалардаги 3-15 ёшдаги чин етим болалар, оилавий болалар уйлари, СОС болалар маҳалласи тарбияланувчилари, она Ватанимиз сарҳадларини мардонавор ҳимоя қилиш, тинчлик ва осойишталигимизни таъминлаш, юртга садоқат билан хизмат қилиш чоғида жасорат кўрсатиб, ҳалок бўлган ўғлонларнинг фарзандларидан иборат 371 нафар ўғил-қизларга «Президент совғаси» топширилди.
Мусиқали ва драма театри саҳнасидаги бетакрор томошалар, «Янги йил эртаги» номли театрлаштирилган байрам дастури ўқувчи-ёшларни завқли саргузаштларга ошно этди.
Қувноқ шеър-қўшиқлар, жозибали рақслар ва жўшқин лаҳзалар билан ўтган театр томошаси орқали болажонлар Янги йил завқини туйдилар.