ОАВ биз ҳақимизда

.

ҲУҚУҚИЙ НИГИЛИЗМ УНГА ҚАРШИ КУРАШ КОРРУПСИЯНИНГ ИЛДИЗИНИ ҚУРИТАДИ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 24-апрелдаги 202-сонли қарори иловасининг 42-бандига мувофиқ, аҳоли ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф этиш юзасидан топшириққа асосан "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026-2027-йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар режаси" тасдиқланган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026-йил 18-майдаги хатида "Аҳоли ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф этиш, фуқароларда ҳуқуқбузарликларнинг жамият ва давлат тараққиёти учун салбий оқибатларга олиб келувчи иллат эканлиги юзасидан тўғри дунёқарашни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган комплекс тарғибот тадбирларини ташкил этиш" вазифаси белгиланган. Шу муносабат билан бошқармада коррупсияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўбаси ҳамда юридик хизмат шўбаси ходимлари томонидан вилоятдаги таълим ташкилотлари ходимлари билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, ҳуқуқий нигилизмнинг ўзи нималиги, у жамиятда қандай кўринишларда намоён бўлиши ва бундан фуқаролар манфаатларига қандай зарар етиши ҳамда жамият ривожланишига қандай тўсқинлик қилиши ҳақида Адлия вазирлиги томонидан тақдим қилинган материаллар асосида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, шундай профилактик тушунтириш ишлари 2026-йилнинг 22-май ва 17-июн кунлари вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари иштирокида ўтказилган бўлса, июн, июл ойларида Боғот туманидаги 26, Урганч туманидаги 22, Хазорасп туманидаги 15, Хонқа туманидаги 6-27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари, Урганч, Хонқа туманлари мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ходимлари, Хонқа тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари кадрлар менежерлари ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари, Шовот туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби педагог ходимлари орасида ўтказилди.
Ушбу таълим ташкилотларига ташриф чоғида ходимларга ҳуқуқий нигилизмнинг олдини олиш юзасидан маълумотлар бериш билан бир қаторда, коррупсиявий ҳолатларни аниқлашга қаратилган аноним сўровномалар ҳам ўтказилди. Сўровномалар натижалари асосида ташкил қилинган ўрганувлар натижасига биноан 5 нафар таълим ташкилоти раҳбарига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Хонқа туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида меҳнатчилик қонунчилиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолат бартараф қилинди. Ходимларга Ўзбекистон Республикасининг "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонунига асосан мавжуд чекловлар ҳақида ахборотлар берилди.
Тўхталадиган бўлсак, юқори синф ўқувчилари орасида "Истиқбол" аёллар маркази нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари билан ҳамкорликда вилоятда ўтказилган аноним сўровнома натижасига кўра, 30 фоиз респондент "коррупсияга муносабатингиз қандай" деган саволга "бефарқман" деган жавобни берган. Бу эса ўз навбатида ёшларни коррупсияга нисбатан муросасиз руҳда тарбиялаш, уларни ҳалоллик ваксинаси билан эмлаш борасидаги ишларимизни қайта кўриб чиқишни тақозо қилади.
Ҳуқуқий нигилизм – шахс, гуруҳ ёки жамиятнинг ҳуқуқ ва қонунларга нисбатан ишончсизлик, эътиборсизлик ёки уларни очиқдан-очиқ инкор этишидир. Бу ҳолат ҳуқуқий меъёрларни менсимаслик, уларга риоя қилишни зарур деб ҳисобламаслик кўринишида намоён бўлади. Ушбу тушунчанинг асосий хусусиятлари ва келиб чиқиш сабаблари қуйидагилардан иборат:
Асосий маъноси: лотинча "ниҳил" сўзидан олинган бўлиб, "ҳеч нарса" ёки "йўққа чиқариш" деган маъноларни анлатади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан бу қонунларнинг ижтимоий қадр-қимматини инкор этишдир.
Намоён бўлиш шакллари: Қонунларни қасддан бузишдан тортиб, уларга бефарқ бўлиш ёки уларнинг ижросини четлаб ўтиш йўлларини излашгача бўлган ҳаракатларда кўринади.
қонунларнинг мураккаблиги ва халққа тушунарсизлиги, давлат органлари ва амалдорларга ишончсизлик, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги ҳамда ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигининг таъминланмаслиги.
Оқибатлари: ҳуқуқий нигилизм жамиятда тартибсизликка, коррупсиянинг авж олишига ва ҳуқуқий давлат барпо этилишига жиддий тўсқинликка олиб келади.
"Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг 26-моддасида давлат органларининг ходимлари давлат органининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган коррупсиявий ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси – катта-ю кичик ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга эътиборли бўлишга масъул. Қонунларга, тартиб-қоидаларга ва умум қабул қилинган нормаларга ҳурмат билан қарашга ва уларга сўзсиз риоя қилишга одатланмоғимиз бугунги куннинг энг долзарб, ечимини кутаётган муаммоси. Агарда биз – катта-ю кичик атрофимизда бўлаётган қонунбузилишларига, тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатларига, асрлар давомида шаклланган миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг оёқости бўлишига муросасиз бўлсак, бунга ўз вақтида муносабатимизни билдирсак ўйлаймизки, нафақат коррупсияга қарши курашиш соҳасида, балки барча соҳаларда юксак марраларни қўлга киритиб, Ўзбекистонимизнинг тараққиёт йўлидаги муаммолари ечимига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
А. ХАСАНОВ,
вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг коррупсияга қарши кураш ва ҳуқуқий назорат шўбаси бош мутахассиси


"Хоразм маърифати" газетасининг 2026-йил 27-июлдаги 7-сони

xorazm-vxtb@exat.uz
@xorazmvmmtb
@Xorazm_MMTB
/xorazm_vmmtb