Янгиликлар
Хоразмда “Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқичи бошланди
28 июль 2026 йил
Мазкур босқичда республиканинг 208 та туман ва шаҳридаги 416 нафар сара педагог ўзининг касбий маҳорати, билим салоҳияти ҳамда замонавий педагогик ёндашувларини намоён этмоқда.
Бугун Хоразм вилояти Педагогик маҳорат марказида нуфузли “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг учинчи босқичи тантанали равишда бошланди.
Очилиш маросимида иштирокчиларга танлов синовларини ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳамда низом талаблари юзасидан батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида қуръа ташлаш жараёни ўтказилиб, педагогларнинг танлов синовларидаги иштирок кетма-кетлиги белгиланди.
Мазкур босқичда республиканинг 208 та туман ва шаҳридаги 416 нафар сара педагог ўзининг касбий маҳорати, билим салоҳияти ҳамда замонавий педагогик ёндашувларини намоён этмоқда.
Танловда Хоразм вилояти шарафини 26 нафар педагог ҳимоя қилмоқда. Улар таълим сифатини янада юксалтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда касбий салоҳиятини намоён этиш йўлида ўзаро беллашмоқда.
Танлов якунларига кўра, ҳар бир туман ва шаҳардан биттадан, жами 208 нафар педагог ғолиб деб эътироф этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 264-сон қарорига мувофиқ, ғолибларнинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари — 576 миллион 800 минг сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Барча иштирокчиларга танлов синовларида омад, юксак натижалар ва муносиб ғалабалар тилаймиз!