Янгиликлар

.

Хоразм вилоятида 30 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда

18 июнь 2026 йил
image

Ушбу лойиҳалар натижасида 11 та умумтаълим мактабида қўшимча 3 386 та ўқувчи ўрни яратилади.

 

2026 йилда Хоразм вилоятидаги таълим муассасаларида болалар ва педагоглар учун замонавий, хавфсиз ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда инвестиция ва бошқа дастурлар доирасида 23 та умумтаълим мактаби, 6 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1 та Педагогик маҳорат марказида, жами 30 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳалар натижасида 11 та умумтаълим мактабида қўшимча 3 386 та ўқувчи ўрни яратилади. Шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, ўқувчи ва тарбияланувчилар учун замонавий таълим муҳити шакллантирилади.

Қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун жами 217,9 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, 2026 йил 1 июнь ҳолатига 151,3 миллиард сўмлик, яъни умумий ишлар ҳажмининг 69 фоизи бажарилди.

Шунингдек, “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида яна 25 та умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Таълим муассасаларида амалга оширилаётган қурилиш ва янгиланиш ишлари ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, иқтидор ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши ҳамда келажакда муносиб натижаларга эришиши учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.

xorazm-vxtb@exat.uz
@xorazmvmmtb
@Xorazm_MMTB
/xorazm_vmmtb