Yangiliklar
Хоразмда “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи ўтказилди
26-may 2026-yil
Якуний натижаларга кўра, Янгиариқ туманидаги 31-сон умумтаълим мактабининг махсус педагоги Мунира Мадраҳимова танлов ғолиби деб топилди.
Мактaбгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида фаолият олиб бораётган махсус педагоглар ўртасида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи Урганч шаҳридаги 12-сон умумтаълим мактабида ташкил этилди.
Танловнинг туман босқичларида вилоятдаги 125 та умумтаълим мактабидан энг фаол, ташаббускор ҳамда илғор педагоглар қатнашган бўлса, вилоят босқичида 13 нафар иштирокчи ғолиблик учун ўзаро беллашди.
Жараёнда иштирокчилар амалий очиқ коррекцион-ривожлантирувчи машғулот, “Менинг педагогик фаолиятим” тақдимоти ҳамда касбий билим ва компетенциялар юзасидан савол-жавоблар синови каби шартлар асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Янгиариқ туманидаги 31-сон умумтаълим мактабининг махсус педагоги Мунира Мадраҳимова танлов ғолиби деб топилди.
Ғолибга жорий йилнинг август ойида ўтказиладиган “Инклюзив таълимни ривожлантириш: муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусидаги республика конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, тадбирда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Хоразм вилояти бўйича масъул ташкилотчиси М. Раҳимова иштирок этиб, танлов қатнашчиларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.