Таълимга доир терминлар

.

ТАЪЛИМГА ОИД АСОСИЙ ТЕРМИНЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЗОҲИ

Педагог — педагогика соҳасида махсус тайёргарликка эга бўлган, таълим олувчиларга билим бериш, уларни тарбиялаш ва ривожлантириш билан шуғулланувчи мутахассис.
Давлат аккредитацияси — таълим ташкилотлари фаолиятининг давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқлигини давлат томонидан эътироф этиш ҳамда битирувчиларга тегишли таълим ҳужжатларини бериш ҳуқуқини тасдиқлаш жараёни.
Давлат таълим муассасаси — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат мулки негизида ташкил этилган ҳамда давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига мувофиқ таълим хизматларини кўрсатувчи муассаса.
Давлат таълим стандартлари — таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан давлат томонидан белгиланадиган талаблар мажмуи.
Давлат таълим талаблари — таълимнинг тузилиши, мазмуни, уни амалга ошириш шарт-шароитлари, шунингдек, таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ва касбий сифатларига қўйиладиган мажбурий талаблар.
Малака — шахснинг муайян касбий фаолиятни амалга оширишга тайёргарлигини ифодаловчи, тегишли ҳужжат билан тасдиқланадиган билим, қобилият, маҳорат ва кўникмалар даражаси.
Мутахассислик — муайян касбий тайёргарлик йўналиши бўлиб, уни эгаллаш натижасида шахсга тегишли малака берилади.
Нодавлат таълим ташкилоти — қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли лицензия ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар асосида таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахс.
Тарбия — ёш авлодни ҳар томонлама камол топтириш, унинг маънавий-ахлоқий қадриятлари, дунёқараши, ижтимоий масъулияти ва ижобий фазилатларини шакллантиришга қаратилган мақсадли, тизимли жараён.
Таълим — таълим олувчиларга назарий билимлар бериш, амалий кўникма ва малакаларни шакллантириш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ҳамда умумий ва касбий тайёргарлигини таъминлашга қаратилган тизимли жараён.
Таълим кампуси — ўқув бинолари, илмий-тадқиқот марказлари, лабораториялар, кутубхоналар, спорт иншоотлари, ишлаб чиқариш мажмуалари, технопарклар, яшаш жойлари ва бошқа зарур инфратузилма обектларини ягона ҳудудда бирлаштирган, таълим-тарбия ва илмий фаолият учун қулай муҳит яратадиган мажмуа.
Ўқув-методик мажмуа — таълим жараёнини ташкил этиш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда дарсликларнинг мултимедиа иловаларидан иборат ўқув материаллари тўплами.
Умумий ўрта таълим — умумий ўрта таълим ташкилотларида 1-синфдан 11-синфгача бўлган даврни қамраб олувчи таълим тури.
Умумий ўрта таълим қуйидаги босқичларга бўлинади:
Бошланғич таълим — 1–4-синфлар.
Таянч ўрта таълим — 5–9-синфлар.
Ўрта таълим — 10–11-синфлар.

xorazm-vxtb@exat.uz
@xorazmvmmtb
@Xorazm_MMTB
/xorazm_vmmtb